Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Тилнинг зиноси нутқдир | Сийрат дарслари (342-дарс)

19:00 / 22.08.2025 2735 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

728. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайра айтганидай, «Кичкина гуноҳларга ўхшаш бирор нарсани кўрмадим». У киши айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ Одам боласига унинг зинодан бўлган насибасини ёзгандир. Уни олмаслиги амри маҳолдир. Демак, икки кўзнинг зиноси назардир. Тилнинг зиноси нутқдир. Нафс уни орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса уни тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

729. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта келажакда фитналар бўлади. Огоҳ бўлинг, сўнгра яна фитна бўлади. Унда ўтирган юргандан яхшидир. Унда юрган ҳаракат қилгандан яхшидир. Огоҳ бўлинг,  у тушганида ёки воқеъ бўлганида кимнинг туяси бўлса, унга борсин, кимнинг қўйи бўлса, унга борсин ва кимнинг ери бўлса, унга борсин», дедилар. Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, айтингчи, туяси, қўйи ва ери йўқ одам нима қилади?» деди. «Қиличини олиб, тош билан тиғига уради. Сўнгра қочишга қодир бўлса, қочиб кетади. Аллоҳим, етказдимми? Аллоҳим, етказдимми? Аллоҳим, етказдимми?» дедилар. Шунда бошқа бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, агар мажбур қилинсам ва мени икки сафга олиб борилса ёки икки гуруҳдан бирига олиб борилса ва бир киши мени қиличи билан урса ёки ўқ келиб мени қатл қилса-чи?» деди. «Унга ҳам ўзининг гуноҳи, ҳам сенинг гуноҳинг бўлади ҳамда у дўзах соҳибларидан бўлади», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

730. Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фитна ва қатл кўпайгандаги ибодат худди менга ҳижрат қилган кабидир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

731. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Умарнинг олдида эдик. Шунда у: «Қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини ўзлари айтгандек ёд олган?» деди. «Мен», дедим. «Сен журъатли экансан, нима деганлар?» деди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кишининг аҳли, моли, нафси, боласи ва қўшнисидаги фитнасига рўза, намоз, садақа ва амру маъруф ҳамда наҳйи мункар каффорот бўлади», деганларини эшитганман», дедим. Шунда Умар: «Мен буни ирода қилганим йўқ, худди денгиз мавжидек мавж урадиганини ирода қилдим», деди. «Эй мўминларнинг амири, у билан нима ишинг бор? Сен билан унинг орасида ёпиқ эшик бор», дедим. «Эшик синдириладими ёки очиладими?» деди. «Йўқ, синдирилади», дедим. «Ундай бўлса, абадий ёпилмаслиги яқинроқ», деди.

Биз Ҳузайфага: «Умар эшик ким эканини билар эдими?» дедик. «Ҳа. Худди кундуздан кейин кечаси бўлишини билгандек билар эди. Мен унга хатоси йўқ ҳадисни гапириб берганман», деди. Биз Ҳузайфадан: «Эшик ким?» деб сўрашдан тортиндик ва Масруққа: «Ундан сўра-чи!» дедик. У сўради. «Умар», деди у».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

732. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳали умматлар сизга қарши худди очкўзлар лаганларига ташлангандек ташланадилар ҳам», дедилар. «Ўша кунда биз оз бўлганимиз учунми, Эй Аллоҳнинг Расули?» деди биров. «Йўқ! У кунда сиз кўп(бўла)сиз, аммо селнинг кўпиги кабисиз. Албатта, Аллоҳ душманларингиз қалбидан сизнинг ҳайбатингизни суғуриб олади ва сизнинг қалбингизга бўшангликни солади», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бўшанглик нимадир?» деди биров. «Дунёнинг муҳаббати ва ўлимни ёқтирмаслик», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

733. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Зулматли кеча бўлаклари каби фитнадан олдин амал қилиб қолинг. Унда киши мўмин бўлиб тонг оттириб, кофир бўлиб кун боттиради. Мўмин бўлиб кун боттиради ва кофир бўлиб тонг оттиради. Ўз динини дунё матоҳига сотади».

Муслим ривоят қилган.

(Яъни, мўмин бўла туриб кофирнинг амалини қилади. – Тарж.)

* * *

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
689. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам БайтулМақдис томонга қараб намоз ўқир эдилар. Шунда .Гоҳо юзингнинг давоми...

4415 18:30 / 18.03.2022
1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Абу Суфён ибн Ҳарб бевосита менга айтди .Мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

14123 10:46 / 17.08.2018
367. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, худди кечасининг ярмини давоми...

4916 13:00 / 29.05.2020
785. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз ўтирган жойидан турсаю, сўнг унга қайтса, у ўша жойига давоми...

866 19:00 / 14.11.2025
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар