Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Қўшнига озор бермаслик | Сийрат дарслари (357-дарс)

19:00 / 12.12.2025 834 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

805. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ажали етмаган бир беморни кўргани борганда унинг олдида етти марта: «Асъалуллоҳал азийм, Роббал аршил азийм ан юшфияка», деса, Аллоҳ унга ўша хасталикдан офият беради», дедилар».

Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

806. Бир киши розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга мингашиб олган эдим. Шунда у зотнинг уловлари қоқилиб кетди ва мен: «Шайтон ноумид бўлди!» дедим. Шунда у зот: «Шайтон ноумид бўлди», дема. Агар сен шундай десанг, у катталашиб, уйдек бўлиб кетади ва: «Бу менинг қувватим билан бўлди», дейди. Балки: «Бисмиллаҳи», дегин. Агар сен шундай десанг, у кичкиналашиб, пашшадек бўлиб қолади», дедилар».

Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.

807. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Жаброил қўшнига яхшилик ҳақида шунча кўп тавсия қилдики, ҳатто уни меросхўрим қилиб қўйса керак, деб ўйладим», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

808. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмас! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмас! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмас!» дедилар. «Ким, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. «Қўшниси (унинг) ёмонликларидан омонда бўлмаган киши», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

809. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

810. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳой Абу Зарр! Қачон шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ қилгин-да, қўшниларингга ҳам бергин», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

811. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг иккита қўшним бор. Улардан қай бирига ҳадя қилай?» дедим. «Сенга эшиги яқинига», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

812. Абдуллоҳ ибн Аббос ва Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Зарар етказиш ҳам, зарарга зарар қайтариш ҳам йўқ».

Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

813. Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг ўз биродари билан уч кечадан ортиқ аразлашиши ҳалол эмас. Иккови учрашиб қолса, бири у ёққа, бири бу ёққа қараб, тескари бўлади. Икковидан яхшиси биринчи салом берганидир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

814. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Душанба ва пайшанба кунлари амаллар арз қилинади. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ўша кунда Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмаган ҳар бир бандани мағфират қилади. Фақат биродари билан орасида душманлик бор кишигина бундан мустасно. Шунда: «Иккисини ораларини ислоҳ қилишгунча кутиб туринг. Иккисини ораларини ислоҳ қилишгунча кутиб туринг», дейилади», дедилар».

Муслим ривоят қилган.       

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
112. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. У зот ҳожатга кетдилар. Биз ҳумарра давоми...

7775 13:45 / 11.01.2019
900. Муовия ибн Жоҳима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Жоҳима Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Эй Аллоҳнинг Расули, ғазотни ирода давоми...

4934 19:00 / 20.05.2023
Пайғамбарликнинг ўнинчи йили. Маҳзунлик йили. Шаввол ойи. Сарвари олам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам мавлолари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг давоми...

11946 16:33 / 30.12.2017
321. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, уларни ҳар намоздан давоми...

3263 19:00 / 01.12.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар