Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (15-дарс)

13:45 / 11.01.2019 7775 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

* * *

112. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. У зот ҳожатга кетдилар. Биз ҳумарра (қуши)ни иккита жўжаси билан кўрдик ва жўжаларини олдик. Ҳумарра пириллаб уча бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб: «Қай бирингиз буни боласи туфайли фожиага учратди? Унинг боласини қайтаринглар!» дедилар.

Ва у зот чумолининг уясини куйдириб юборганимизни кўриб қолдилар ва: «Буни ким куйдирди?» дедилар. «Биз», дедик. «Албатта, оловнинг Роббисидан бошқанинг олов билан азоблаши дуруст эмас», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

* * *

113. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарларидан бирида кетаётган эдилар. Бир ансория туя миниб олган эди. У туяни сўкиб, лаънатлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитиб қолдилар ва: «Унинг устидаги нарсани олиб, ўзини қўйиб юборинглар. У лаънатлангандир», дедилар.

Имрон айтади: «Ҳозир ҳам унинг одамлар ичида юрганини ва унга ҳеч ким тегмаётганини кўриб тургандекман».

Муслим ривоят қилган.

 

* * *

114. Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Икки нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёдлаб олдим, у зот: «Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага яхшиликни ёзгандир. Агар қатл қилсангиз, қатлни яхшилаб қилинг! Агар сўйсангиз, сўйишни яхшилаб адо этинг! Ҳар бирингиз пичоғини ўткир қилсин ва сўйиладиганни роҳатлантирсин!» дедилар».

Муслим ривоят қилган.

* * *

115. Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У тош отаётган бир кишини кўриб, унга: «Тош отма! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тош отишдан қайтардилар ёки тош отишни ёқтирмас эдилар ва «Бу овни ўлдирмайди ва душманга озор бера олмайди. У фақат кўзни чиқаради ва тишни синдиради, холос», деганлар», деди. Кейин унинг яна тош отаётганини кўриб: «Сенга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тош отишдан қайтарганлар ёки тош отишни ёқтирмас эдилар», десам ҳам тош отасанми? Энди сенга гапирмайман! Ундай-бундай», деди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

 

«Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
611. Молик ибн Назла Жашмий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига хароб кийимда келдим. У зот .Молу мулкинг борми, давоми...

4996 17:00 / 07.01.2022
349. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирдилар. Бир одам ҳам масжидга кирди ва намоз ўқиди. Сўнгра давоми...

11635 15:45 / 10.04.2020
Икки кундан кейин Ислом ва араб олами барча расмий ва оммавий табақаларда Исро ҳамда Меърож хотирасини ёдга олиб тантана қиладилар. Биз бу муборак ойдаги ушбу давоми...

7505 14:36 / 12.04.2018
Ҳижрий 1 йил, 12 рабиъул аввал, жума куни мил. 622 йил 23 сентябр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубо қишлоғи билан Ясриб Мадина шаҳри ўртасидаги Бани Солим ибн давоми...

2934 18:30 / 22.10.2021
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар