Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (33-дарс)

15:40 / 17.05.2019 6138 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

183. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким муоҳидни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Ҳолбуки, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб туради», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Муоҳид – аҳдлашган, аҳдномаси бор шахс.

 

* * *

184. Сафвон ибн Сулаймдан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг бир неча ўғилларидан, улар оталаридан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, Қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

 

* * *

185. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қурайш мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганимда қалбимга Ислом тушди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, уларнинг олдига сира-сира қайтмайман», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен аҳдимни бузмайман, элчини тутиб қолмайман. Аммо сен қайтиб бор. Агар ҳозир ичингдаги нарса кейин ҳам бўлса, қайтиб кел», дедилар. Кетдим. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келиб, мусулмон бўлдим».

Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

 

* * *

186. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Нажд тарафдаги ғазотда бўлдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга изо дарахти кўп бўлган водийда етиб олдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир дарахт тагига тушиб, унинг шохларидан бирига қиличларини осиб қўйдилар. Одамлар водийга тарқалишди. Дарахтлар остида сояланишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ухлаб ётганимда, манави қиличимни олибди. Уйғонсам, бошимда қилич яланғочлаб турибди ва менга: «Сени мендан ким қутқаради?» деди. «Аллоҳ», дедим. Кейин иккинчи марта яна: «Сени мендан ким қутқаради?» деди. «Аллоҳ», дедим», дедилар ва қилични қинига солиб туриб: «Ана у, ўтирибди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қайрилиб ҳам қўймадилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

 

«Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, уларни ҳар намоздан олдин давоми...

7092 14:04 / 31.01.2020
Умму Салама розияллоҳу анҳу онамиздан ривоят қилинади.Бир куни Аллоҳнинг элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимда эдилар. quotЁнимга ҳеч ким кирмасинquot деб фармон давоми...

6917 17:04 / 19.11.2018
Икки азондан мурод азон ва иқоматдир. . .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Азон ва иқомат орасидаги дуо рад давоми...

3490 11:09 / 30.08.2020
894. Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилдик. У зот Каъба соясида бурдаларини болиш қилиб ётган давоми...

4290 19:00 / 06.05.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар