Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади | Сийрат дарслари (315-дарс)

19:00 / 24.01.2025 2240 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

568. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ҳинд бинт Утба: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён хасис одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Фақат унга билдирмай олсамгина бўлур», деди. «Ўзингга ва болаларингга кифоя қиладиганини маъруф ила олавер», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

569. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга таомда ҳозир бўлсак, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошламасларидан олдин қўл узатмас эдик. Биз бир марта у зот билан бирга таомга ҳозир бўлдик. Шунда бир жория худди уни биров қуваётгандек шошилиб келди ва таомга қўлини узата бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўлидан тутдилар. Сўнгра бир аъробий худди уни биров қуваётгандек, шошилиб келди. Шунда у зот уни ҳам қўлидан тутдилар ва: «Албатта, шайтон Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган таомни ўзига ҳалол ҳисоблайди. У мана бу жорияни у туфайли ўзига ҳалол қилиб олиш учун келтирди. Шунда мен унинг қўлидан тутдим. Сўнг мана бу аъробийни у туфайли ўзига ҳалол қилиб олиш учун келтирди. Шунда мен унинг ҳам қўлидан тутдим. Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, албатта, унинг (шайтоннинг) қўли жориянинг қўли билан менинг қўлимга тушди», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

570. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз таом еса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва охираҳу» десин», дедилар».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

571. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитибди: «Ўз уйига кираётган киши кириш пайтида ва таоми пайтида Аллоҳни зикр қилса, шайтон: «Сизларга ётоқ ҳам йўқ, кечки таом ҳам йўқ», дейди. У уйига кирсаю, кириш пайтида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Ётоққа эга бўлдингиз», дейди. Агар таоми пайтида Аллоҳни зикр қилмаса, «Ҳам ётоққа, ҳам кечки таомга эга бўлдингиз», дейди».

Муслим ривоят қилган.

572. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз чап қўли билан емасин ва чап қўли билан ичмасин. Чунки шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кечки таом қўйилсаю, намозга иқомат айтилса, кечки таомдан давоми...

10289 13:00 / 20.12.2020
Албатта, кўзда тутилаётган элчилик осон эмас эди. Шунинг учун ҳам қурайшликлар бу ишга яхши тайёргарлик кўрдилар ва элчилик вазифасига ораларидан энг етук давоми...

4132 16:13 / 23.12.2017
686. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир одам бошқа бир кишининг кечаси .Қул ҳуваллоҳу аҳад,ни қайтариб чиққанини эшитди. У тонг оттирганда давоми...

1904 19:00 / 06.06.2025
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, менинг ва мендан олдинги анбиёларнинг мисоли худди бир уйни яхшилаб, давоми...

3751 20:03 / 11.12.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар