Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Мўмин бир уядан икки марта чақилмайди | Сийрат дарслари (367-дарс)

00:00 / 21 февраль 364 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

858. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган одамлар олдига келиб:  «Сизларга яхшингиздан ва ёмонингиздан хабар берайми?» дедилар. Улар сукут сақлашди. У зот ўша гапни уч марта айтдилар. Сўнгра бир киши: «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули, бизга яхшимиздан ва ёмонимиздан хабар беринг», деди. «Яхшингиз – яхшилигидан умид қилинадиган ва ёмонлигидан омон бўлинадиган кимсадир. Ёмонларингиз – яхшилиги умид қилинмайдиган ва ёмонлигидан омон бўлинмайдиган кимсадир», дедилар».

Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

859. Мадина аҳлидан бўлган бир кишидан ривоят қилинади:

«Муовия мўминларнинг онаси Оишага мактуб ёзиб: «Менга бир мактуб ёзиб, насиҳат қилгин. Чўзиб юборма», деди. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо ёзди: «Муовияга. Саломун алайка. Аммо баъду: «Албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагини айтаётганларини эшитдим: «Ким Аллоҳнинг розилигини одамларнинг норозилиги билан изласа, Аллоҳ уни одамларнинг таъминотидан халос қилади. Ким одамларнинг розилигини Аллоҳнинг норозилиги билан изласа, Аллоҳ уни одамларга ташлаб қўяди». Вассалому алайка».

Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

860. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин бир уядан икки марта чақилмайди», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

861. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олдида зикр қилинганимда менга саловот айтмаган одамнинг бурни ерга ишқалсин. Унга Рамазон келиб кетсаю, мағфират қилинмай қолган одамнинг бурни ерга ишқалсин. Ота-онаси катта ёшга етганда ҳам икковлари (унинг хизматидан рози ҳолда) уни жаннатга киритмаган одамнинг бурни ерга ишқалсин», дедилар».

Термизий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

862. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ийсо ибн Марям ўғрилик қилаётган бир кишини кўриб қолиб, унга: «Ўғрилик қилдингми?» деди. У: «Йўқ, Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасам», деди. Шунда Ийсо: «Аллоҳга иймон келтирдим ва кўзимни ёлғончига чиқардим», деди», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолодан қўрқиш Ва аммо ким Роббининг ҳузурида туришдан қўрққан ва нафсни ҳавойи хоҳишдан қайтарган бўлса... Бас, албатта, жаннат унга жой давоми...

5845 11:11 / 28.06.2017
336. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам етти аъзо билан сажда қилишга амр қилиндилар ndash кийим ва сочни давоми...

6373 13:40 / 06.03.2020
816. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим .Агар одамларнинг айбини давоми...

4060 19:00 / 30.12.2022
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким таҳорат қилсаю таҳоратини чиройли қилса, унинг хатолари жасадидан, ҳаттоки давоми...

3311 13:40 / 23.05.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар