Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (125-дарс). Истеҳоза ва узрлиларнинг ҳукмлари

13:30 / 25.02.2021 4781 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

 

وَمَانَقَصَ عَنْ أَقَلِّالْحَيْضِ أَوْ زَادَعَلَى حَيْضِ الْمُبْتَدَأَةِ،وَهُوَ عَشَرَةُ، أَوْعَلَى نِفَاسِهَا، وَهُوَأَرْبَعُونَ، أَوْ عَلَىالْعَادَةِ فِيهِمَا، وَجَاوَزَأَكْثَرَهُمَا، وَمَا رَأَتْحَامِلٌاسْتَحَاضَةٌ لَا تَمْنَعُصَلَاةً وَلَا صَوْمًاوَلَا وَطْئًا.

 Ҳайзнинг озидан кам бўлган ёки дастлаб ҳайз кўрувчининг ҳайзидан зиёда бўлган – у ўн кундир, – ёки (дастлаб) нифос кўрувчининг нифосидан зиёда бўлган– у қирқ кундир, – ёки иккисидаги одатга зиёда бўлиб, иккисининг кўпидан ҳам ортиб кетган ҳамда ҳомиладор кўрган нарса истеҳозадир.

У намозни ҳам, рўзани ҳам, жинсий яқинликни ҳам ман қилмайди.

Узрлиларнинг ҳукмлари

وَمَنْلَمْ يَمْضِ عَلَيْهِوَقْتُ فَرْضٍ إِلَّاوَ بِهِ حَدَثٌمِنِ اسْتِحَاضَةٍ أَوْرُعَافٍ أَوْ نَحْوِهِمَايَتَوَضَّأُلِوَقْتِ كُلِّ فَرْضٍلَهُ، وَيُصَلِّي بِهِفِيهِ مَا شَاءَفَرْضًا وَنَفْلًاوَيَنْقُضُهُخُرُوجُ الْوَقْتِ كَطُلُوعِالشَّمْسِ، لَا دُخُولُهُكَالزَّوَالِ.

 Кимга фарзнинг вақти ўтмасидан истеҳоза, бурун қонаши ёки шуларга ўхшаш бетаҳоратлик етиб туриши одат бўлиб қолган бўлса, бунинг сабабидан ҳар фарзнинг вақтига таҳорат қилади ва у билан ўша вақтда хоҳлаганича фарз ёки нафлни ўқийверади. 

Бундай таҳоратни қуёш чиқишига ўхшаш вақтнинг чиқиши синдиради, заволга ўхшаш вақтнинг кириши эмас.

Энди ушбу матнларни шарҳ қилишга ўтайлик.

Ҳайзнинг озидан кам бўлган ва дастлаб ҳайз кўрувчининг ҳайзидан зиёда бўлган – у ўн кундир, – ёки (дастлаб) нифос кўрувчининг нифосидан зиёда бўлган– у қирқ кундир, – ёки иккисидаги одатга зиёда бўлиб, иккисининг кўпидан ҳам ортиб кетган ҳамда ҳомиладор кўрган нарса истеҳозадир.

Фиқҳий таърифга кўра, «истеҳоза» аёл кишининг раҳмидан одат(ҳайз ва нифос)дан ташқари қон оқишидир.

Матннинг юқоридаги жумлаларида аёл киши кўрадиган қонларнинг қайсилари истеҳоза бўлиши тушунтирилмоқда. 

1. Ҳайзнинг озидан кам бўлган.

Ҳайзнинг ози уч кундир. Демак, аёл кишидан уч кундан оз муддат қон келса, бу истеҳозадир. 

2. Дастлаб ҳайз кўрувчининг ҳайзидан зиёда бўлган – у ўн кундир.

Ҳайзнинг кўпи ўн кун. Ўн кундан кейин келган қон ҳайз бўлиши мумкин эмас. Биринчи бор ҳайз кўрувчининг қони давомли келиб турса, ўн кунгачаси ҳайз ҳисобланади, ундан зиёда келган қон истеҳозадир. 

3. (Дастлаб) нифос кўрувчининг нифосидан зиёда бўлган – у қирқ кундир.

Нифоснинг кўпи қирқ кундир. Қирқ кундан ортиқ нифос бўлиши мумкин эмас. Биринчи бор нифос кўрувчининг қони давомли келиб турса, қирқ кунгачаси нифос ҳисобланади. Ундан зиёда келган қон истеҳозадир. Бу биринчи қон кўрувчининг қони ҳар доим ҳам ўн кун ёки биринчи нифос кўрувчиники қирқ кун бўлади, дегани эмас. Аслида биринчи ҳайз кўрувчи аксарият ҳолларда ўн кундан оз, биринчи нифос кўрувчи қирқ кундан оз қон кўради. Матнда эса баъзи аёлларда учраб турадиган ҳолатнинг, яъни ҳайзда ўн кундан кейин, нифосда қирқ кундан кейин ҳам тўхтамаганларники баён қилинган. 

4-5. Иккисидаги одатга зиёда бўлиб, иккисининг кўпидан ҳам ортиб кетган нарса.

Яъни, дастлаб ҳайз ёки нифос кўргандаги одат эътиборга олинади. Ҳайз кўрувчининг одати уч кун билан ўн куннинг орасида бўлади. Нифос кўрувчининг одати қирқ кунгача бўлади. 

Мисол учун, дастлаб беш кун ҳайз кўрган аёлга кейинги сафар беш кун ҳайз кўриш одат бўлиб қолади. 

Дастлаб ўттиз кун нифос кўрган аёлга кейинги сафар ўттиз кун нифос кўриш одат бўлиб қолади. 

Ҳайз ўн кундан, нифос қирқ кундан ортиб кетса, ортиғи истеҳоза бўлади.

Одатдан ортиб, кўпига етмаса, ҳайз ёки нифосга қўшилади.

Мисол учун: бир аёлнинг ҳайз одати беш кун эди. Аммо бу сафар беш кундан ўтиб кетди. Ўн кунгача қон тўхтаса, ҳайз ҳисобланаверади. Ўн кундан ошиб кетса, одатдагиси ҳайз, қолгани истеҳоза бўлади.

Бир аёлнинг одати ўттиз кун нифос кўриш эди. Аммо бу сафар ўттиз кундан ўтиб кетди. Қирқ кунгача қон тўхтаса, нифос ҳисобланаверади. Қирқ кундан ошса, ўттиз кундагиси нифос, ундан ошгани истеҳоза бўлади. 

6. Ҳамда ҳомиладор кўрган нарса истеҳозадир.

Ҳар бир ҳомиладор аёл кўрган қон истеҳозадир. Чунки ҳомиладорлик вақтида ҳайз кўриш йўқ. Туғмагунича нифос кўриш ҳам йўқ.

У намозни ҳам, рўзани ҳам, жинсий яқинликни ҳам ман қилмайди.

(Давоми бор)

«Кифоя» китобининг биринчи жузидан

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . . Қуёш тутилганда жуманинг имоми одамлар билан икки ракъат нафл намоз ўқийди. Иккисида қироатни махфий ва узоқ қилади. Сўнгра то қуёш давоми...

3312 19:00 / 20.04.2023
Бу имомнинг тўлиқ исмлари Убайдуллоҳ Содрушшарийъа алАсғар ибн Масъуд ибн Тожушшарийъа Маҳмуд ибн Содрушшарийъа Аҳмад ибн Жамолуддин Убайдуллоҳ ал Маҳбубий ал давоми...

5547 13:00 / 21.05.2020
Ҳанафий мазҳаби витрда рукуъдан олдин .Қунут,ни ўқишга қуйидаги далилларни келтиришади . . Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади давоми...

3659 19:00 / 02.02.2023
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сенга намозни кечга сурадиган амирлар бош бўлиб қолса нима қиласан, давоми...

4275 19:00 / 25.08.2022