Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Арафот | Фиқҳ дарслари (365-дарс)

19:00 / 04 февраль 504 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сўнгра у ердан Арафотга чиқади. Арафотнинг Ботни Уранадан бошқа жойи ҳаммаси туриш жойидир.

Арафа куни бомдод намози ўқилгандан сўнг Минодан Арафотга қараб йўлга тушилади.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: غَدَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَمِنْ مِنًى حِينَ صَلَّى الصُّبْحَ صَبِيحَةَ يَوْمِ عَرَفَةَ، حَتَّى أَتَى عَرَفَةَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам арафа куни тонг отгандан сўнг Минодан жўнаб, Арафотга етиб келдилар».

Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Арафотга чиқишдан олдин ғусл қилиб олиш яхшидир. Арафотда туриш ҳажнинг асосий рукнидир. Бусиз ҳаж бўлмайди. Арафа куни заволдан (қуёш қиёмдан оққандан) бошлаб Арафотда туриш вақти киради. Макони эса Арафот деб номланган машҳур жой. Эҳтиёт бўлиб, Арафот чегарасида, вуқуф учун макон ҳисобланган жойда туриш керак. Бошқа жойда туриб қолганларнинг ҳажи ҳаж бўлмайди.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، كَانَتْ قُرَيْشٌ وَمَنْ دَانَ دِينَهَا، يَقِفُونَ بِالْمُزْدَلِفَةِ، وَكَانُوا يُسَمَّوْنَ الْحُمْسَ، وَكَانَ سَائِرُ الْعَرَبِ يَقِفُونَ بِعَرَفَاتٍ، فَلَمَّا جَاءَ الْإِسْلَامُ أَمَرَ اللهُ نَبِيَّهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَأَنْ يَأْتِيَ عَرَفَاتٍ ثُمَّ يَقِفَ بِهَا، ثُمَّ يُفِيضَ مِنْهَا، فَذَلِكَ قَوْلُهُ تَعَالَى:ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ .رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Қурайш ва унинг динига бўйсунадиганлар Муздалифада турар эдилар. Улар «ал Ҳумса» деб номланардилар. Бошқа араблар эса Арафотда туришар эди. Ислом келганда Аллоҳ азза ва жалла Ўз Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламни Арафотга боришга ва ўша ерда туришга амр қилди. Бу У Зот субҳанаҳунинг «Сўнгра одамлар қайтиб тушган жойдан тушинглар», деганидир».

Бешовлари ривоят қилишган.

Арафотда туриш вақти арафа куни заволдан кейин (кечаси ҳам шунинг ичида), ҳайит кунининг тонги киргунча давом этади. Шу вақт орасида қайси ҳолатда ёки қанча муддат бўлмасин, вуқуфда иштирок этиб қолган киши ҳажнинг асосий рукнини бажарган бўлади. Бу туришда иштирок этмаган одам бошқа амалларни қилган бўлса ҳам, ҳажи ҳаж бўлмайди. Арафотга чиқишда, у ерда туришда доимо «лаббайка» айтилади. Иложини қилган одам Жабалур-Раҳматга, у ердаги катта харсанг тошларга чиқиб дуо қилса, яхши бўлади.

Арафот улуғ мақом бўлиб, у жойдаги дуолар қабулдир. Шунинг учун ҳожи у ерда доимо дуода бўлишга ҳаракат этмоғи лозим. У қалбини ҳозир қилиб, зикрда, қироатда ва илтижода, чин дилдан тазарруъда бўлиши керак. Ушбу жойларда қуйидаги дуоларни қилиш тавсия этилади:

«Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил ъа-зийм».

«Лаа илааҳа илла анта. Субҳанака инний кунту миназ-золимийн».

«Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил алиййил аъзийм».

«Роббана аатина фиддунйа ҳасанатан ва фил аахироти ҳасанатан ва қийна ъазабан-нар».

«Аллоҳумма аслиҳ лий дийнийаллазий ҳува исмату амрий ва аслиҳ лий дунйаяллатий фийҳа маъоший ва аслиҳ лий аахиротияллати фийҳа маъодий важаълил ҳайата зийадатан лий фи кулли хойрин важаълил мавта роҳатан лий мин кулли шаррин».

«Аъуузу биллаҳи мин жуҳдил балааи ва даркиш-шақои ва суъил қазои ва шатаматил аъдаи».

Қуёш заволга кетганида имом жума хутбасига ўхшаш хутба қилади ва пешин билан асрни бир азон ва икки иқома билан жам қилиб ўқийди.  Бунинг учун жамоат ва эҳром шартдир. Иккисидан бирини тополмаган одам учун аср жоиз эмас.

Яъни эҳромсиз киши ёки жамоат билан ўқимаган одам пешинни ўқиганидан кейин унга асрни жам қила олмайди.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ndash ,. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Етти аъзо билан пешона ndash қўллари билан давоми...

3858 19:00 / 06.01.2023
Ҳанафий мазҳаби витрда рукуъдан олдин .Қунут,ни ўқишга қуйидаги далилларни келтиришади . . Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади давоми...

3634 19:00 / 02.02.2023
Улар қуйидагилардан иборат 1. Таом ейиш. . . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир давоми...

2811 19:00 / 30.11.2023
.Фароиз, сўзи .фарз, сўзининг жамидир..Фарз, сўзи эса .ўлчов,, .кесиш, ва .баён қилиш, маъноларини англатади.Шариатдаги фарз амаллар ҳам ўлчоғлик, кесиб айтилган ва давоми...

6290 13:30 / 27.02.2019