Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (78-дарс). Абу Ҳанифанинг шогирдлари

14:05 / 26.03.2020 7120 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлганидан, уларни номма-ном зикр қилиб ўтишнинг ўзи мушкул иш. Шунинг учун Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг энг машҳур шогирдларидан баъзиларини эсга оламиз, холос.

1. Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб Ансорий. У киши Абу Юсуф куняси билан машҳурдирлар.

Абу Юсуф Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан кейин ўттиз икки йил ўтиб, вафот этганлар. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи қуйидаги китобларнинг муаллифидир:

1. «Китобул Осор».

Бу китобни Юсуф отасидан, у киши эса Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, саҳобийдан ёки ўзлари рози бўлган тобеъиндан ривоят қилганлар.

«Китобул Осор»да тобеъинлар ва Ироқ фақиҳларининг кўпгина фатволари ҳам жамланган.

2. «Ихтилофи Ибн Абу Лайло».

Бу китобда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи билан Қози Ибн Абу Лайло орасидаги хилофли масалалар жамланган. Муаллиф Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ёнларини олган. Бу китобни Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳидан у кишининг шериклари Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ривоят қилганлар.

3. «Ар-Радду ала сиярил Авзоъий».

Бу жуда ҳам пухта китоб бўлиб, унда муаллиф Авзоъийнинг уруш ҳолатида мусулмонлар билан бошқалар орасидаги алоқалар ва жиҳодга тааллуқли нарсалар борасидаги ихтилофларини баён қилган. Унда ироқликларнинг фикрларига ён босилган.

4. «Китобул Харож».

Ўта муҳим бўлган ушбу китобда Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи Ислом давлатининг молиявий ишларига собит низом тузганлар. Унда у киши ўз шайхларига хилоф қилган нарсалар ҳам зикр қилинган.

2. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи.

Ҳижрий 132-санада туғилиб, ҳижрий 189-санада вафот этган. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳига Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан узоқ вақт дарс олиш насиб қилмаган. Аммо у киши таҳсили илмни Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларида давом эттирган.

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳанафий фиқҳининг ҳофизидир. У киши биринчи бўлиб муайян фиқҳни йиғиб, китоб шаклига келтирган олимдир. Мазкур улкан ишда Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳига иккинчи устозлари Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи катта ёрдам берганлар.

У кишининг таълиф қилган китоблари кўп бўлиб, улардан олтитаси алоҳида аҳамиятга моликдир. Мазкур олти китоб ҳанафий фиқҳининг асосий манбалари ҳисобланади. Уларнинг номлари қуйидагича:

1. «Китобул асл». Бу китобнинг иккинчи номи «Мабсут».

2. «Китобуз-зиёдот».

3. «Китобул Жомеъус-Сағир».

4. «Китобул Жомеъул Кабир».

5. «Китобус-Сиярис-Сағир».

6. «Китобус-Сиярил Кабир».

Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳининг булардан бошқа китоблари ҳам бор. Шулардан иккитаси – «Китобур-Радди ала аҳли Мадина» ва «Китобул Осор» худди олдин зикр қилинган олти китоб кучига эгадир.

3. Абул Ҳузайл Зуфар ибн Ҳузайл ибн Қайс Куфий раҳматуллоҳи алайҳи (ҳ. 204-санада вафот этган).

Бу зот Асфиҳонда туғилиб, Басрада вафот этган. Аввал муҳаддислардан бўлиб, кейин фиқҳга ўтган. Қиёсда жуда ҳам моҳир бўлиб, бу борада Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари ичида энг пешқадами бўлган.

4. Ҳасан ибн Зиёд Луълуъий (ҳ. 204-санада вафот эган). Аввал Абу Ҳанифага ва у кишидан кейин Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳиларга шогирд бўлган. Ҳадислар ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг қавлларини ривоят қилиш билан машҳур бўлган.

«Кифоя» китобининг 1-жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
6. Акса урганга соғлик тилаш.Намозхон акса урган кишига .Ярҳамукаллоҳ,, деса, намози бузилади. Чунки бу нарса одамлар орасида урф бўлган каломдир. Акса урганга давоми...

3748 00:00 / 09.12.2022
Бунда пешин ва аср ҳамда шом ва хуфтон намозларини қўшиб, биринкетин, бир вақтда ўқиш кўзда тутилгандир. Бошқа мазҳабларда сафардаги одамга пешин билан асрни ва давоми...

4201 18:39 / 06.10.2023
Аммо ейиладиган қушнинг ахлати покдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг устига кабутар тезак ташлаганда, тош билан артиб ташлаб, намоз ўқиган. Худди шундай ҳолат Ибн давоми...

7198 13:00 / 01.04.2021
. . . . Мусулмон, тоҳир пок, балоғатга етган, зулм ила қатл қилинган, ўша қатл ила мол вожиб бўлмаган ва тириклик ҳукмлари давоми...

3211 19:00 / 02.05.2024