Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ 172-дарс. Набий алайҳиссалом ҳар бир ишни Бисмиллаҳ билан бошлар эдилар

17:00 / 10.02.2022 5871 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларини «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан очар эдилар».

Термизий, Ҳоким ва Дора Қутний ривоят қилишган.

Буларнинг ҳаммасини ичида ўқийди.

Яъни сано, «Аъуузу биллааҳи» ва «Бисмиллаҳ»ларни ичида ўқийди, овозини чиқармайди.

Ибн Абу Шайба Иброҳим ан-Нахаъийдан қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

«Имом тўрт нарсани: «Аъуузу биллааҳи», «Бисмиллаҳ», «Субҳанакаллоҳумма» ва «Омин»ни махфий айтади», деганлар.

Имом Таҳовий Абу Воилдан шундай ривоят қилади:

«Умар ва Али розияллоҳу анҳумо «Бисмиллаҳир роҳмаанир роҳийм»ни ҳам, «Омин»ни ҳам ошкора айтмас эдилар».

Сўнгра Фотиҳани ўқийди ва иқтидо қилувчи каби, ичида «Омин»ни айтади.

Намознинг ҳар бир ракъатида Фотиҳа сурасини ўқиш вожиблигини ва унинг далилларини аввал ўрганиб ўтдик.

Энди «Омин»ни ичида айтишнинг далилларини ҳам ўрганиб қўяйлик.

Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Дора Қутний Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овозларини пастлатиб, «Омин», дедилар», дейилган.

Ҳанафийлар ўз мазҳабларини қувватлаш учун ақлий далил ҳам келтирадилар. Улар: «Ҳаммамиз «Омин»ни айтишга иттифоқ қилганимиздек, унинг дуо эканига ҳам иттифоқ қиламиз (маъноси – «Қабул эт»). Биз ушбу дуони махфий қилишни ихтиёр этдик, чунки дуони махфий қилиш ошкора қилишдан афзал эканига сиз ҳам, биз ҳам иттифоқмиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Роббингизга тазарру ила ва махфий дуо қилинг», деган», дейдилар.

Кейин такбир айтиб, рукуъга боради ва икки қўли билан, бармоқларини ёзган ҳолида тиззаларини ушлайди. Белини текис тутади ва бошини кўтариб ҳам, тушириб ҳам юбормайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг рукуъларида худди шундай қилганлар.

Абу Ҳумайд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен ичингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини энг яхши ёдлаб қолганингизман. Мен у зотни кўрдимки, қачон такбир айтсалар, икки қўлларини икки елкалари баробар кўтарар эдилар. Қачон рукуъ қилсалар, икки тиззаларини икки қўллари билан яхшилаб ушлар эдилар. Сўнгра белларини, токи умуртқа суякларининг ҳар бири ўз жойига тушгунича тўғрилар эдилар», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Яъни, маҳкам қисиб, кафтларини тизза кўзлари ила тўлдириб ушлар эдилар. Ҳамма шундай қилиши керак.

«Сўнгра белларини тўғри тутар эдилар».

Яъни, рукуъда орқаларини тўппа-тўғри тутар эдилар. Уламолар «Идишда сув қўйса турадиган бўлиши керак», дейишади.

Уч марта тасбеҳ айтади. Бу энг ози.

«Фасаббиҳ бисми Роббикал Азийм» нозил бўлганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Буни рукуъларингизда қилинг», дедилар.

«Саббиҳ исма Роббикал Аъла» нозил бўлганда, у зот:

«Буни саждаларингизда қилинг», дедилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Осмон, булоқ ва қудуқнинг суви ушрийдир. Мазкур сувларга биров эга бўлмагани учун шундай дейилган. Улар ўзлари оқадиган ёки чиқадиган ерлар ушрий бўлгандагина, давоми...

2510 19:00 / 31.01.2025
Энди нима учун қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума куни эканини ҳадиси шарифда келган қуйидаги жумлалар ёрдамида ўрганиб чиқайлик 1. .Унда Одам халқ давоми...

3274 19:00 / 19.10.2023
. . . . . . . . . . .Ҳайз бемор бўлмаган ва ҳайз ёшидан ўтмаган болиғ аёлнинг раҳми чиқарадиган қондир. Ҳайзнинг ози уч кечаю давоми...

6202 13:30 / 28.01.2021
Таъзия билдириш маййит аҳлига тасалли бериш, уларни сабрга чақириш, қазои қадарга рози бўлишга тарғиб қилиш ва ажр олишга ундаш ила бўлади. Таъзия уч кунгача давоми...

3807 19:00 / 19.04.2024