Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (119-дарс). Махси ва тахтакачга масҳ тортиш ва синдирувчилари (тўртинчи мақола)

13:00 / 14.01.2021 4053 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Тахтакачга масҳ тортиш шариатга киритилишига далил: 

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّمَا كَانَ يَكْفِيهِ أَنْ يَتَيَمَّمَ وَيَعْصِرَ أَوْ يَعْصِبَ - شَكَّ مُوسَى - عَلَى جُرْحِهِ خِرْقَةً ثُمَّ يَمْسَحَ عَلَيْهَا وَيَغْسِلَ سَائِرَ جَسَدِهِ. انْفَرَدَ بِهِ أَبُو دَاوُدَ  

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унга фақатгина таяммум қилиши, жароҳатга латта боғлаши, сўнгра унинг устидан масҳ тортиши ва баданининг қолганини ювиши кифоя қилар эди», дедилар». 

Абу Довуд ривоят қилган.

Демак, жароҳатли одам ғусл ва таҳорат пайтида жароҳатига сув теккизмаса жоиз. Агар жароҳатни боғлаб олган бўлса, ўша боғланган латта устидан масҳ тортишнинг ўзи кифоя қилади. Жароҳати йўқ аъзоларини ювади.

Тахтакач тушиб кетса, ҳечқиси йўқ.

Бемор одамга қўйилган тахтакач ёки унинг ўрнидаги нарса у намоз ўқиётган вақтда тушиб кетса, ҳеч нарса бўлмагандек, намозини давом эттираверади. Агар намоздан ташқарида тушса, ўрнига қайтариб қўяди ёки бош­қасини қўяди.

Аммо тузалиб тушса, бундан мустасно.

Яъни тахтакач жароҳат тузалган пайтда тушса-ю, у намозда бўлса, намозини янгидан бошлаб ўқийди. Намоздан ташқарида бўлса, тўлиқ таҳорат қилмасдан, фақат тушиб кетган нарсанинг ўрнини ювиб қўяди.

Оёқни тўсиб турувчи нарсадан бошқа фақат тахтакачгагина масҳ тортилади.

Яъни махси ва унинг ҳукмида бўлган юқорида айтиб ўтилган оёқ кийимларидан бошқа дўппи, салла, телпак, қўлқоп, чопон каби нарсаларга масҳ тортиб бўлмайди.

Масҳнинг муддати бетаҳоратлик етганидан бошлаб муқимга бир кечаю бир кундуз. Мусофирга уч кечаю, уч кундуз.

Бу ҳукмни фуқаҳоларимиз қуйидаги ҳадиси шарифлардан олганлар: 

عَنْ شُرَيْحِ بْنِ هَانِئٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلْتُ عَائِشَةَ عَنِ الْمَسْحِ عَلَى الْخُفَّيْنِ، فَقَالَتْ: عَلَيْكَ بِابْنِ أَبِي طَالِبٍ فَسَلْهُ، فَإِنَّهُ كَانَ يُسَافِرُ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. فَسَأَلْنَاهُ، فَقَالَ: جَعَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ وَلَيَالِيَهُنَّ لِلْمُسَافِرِ وَيَوْمًا وَلَيْلَةً لِلْمُقِيمِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ  

Шурайҳ ибн Ҳонеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Оишадан махсига масҳ тортиш ҳақида сўрадим. У киши:

«Сен Ибн Абу Толибдан сўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафар қилар эди», деди. Ундан сўраган эдик:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофир учун уч кечаю уч кундуз, муқим учун бир кечаю бир кундуз қилганлар», деди».

Муслим ва Насоий ривоят қилишган.

Муқим одам бир кечаю бир кундуз махсига масҳ тортиши мумкин. У муддат ўтгандан кейин эса, агар таҳорати синмаган бўлса, махсини ечиб, оёғини ювиши шарт.

Мусофир одам эса уч кечаю уч кундуз махсисига масҳ тортиб юраверса бўлади. У муддатдан ўтиб кетса, мусофир ҳам махсисини ечиб, оёғини ювиши лозим.

عَنْ خُزَيْمَةَ بْنِ ثَابتٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَالْمَسْحُ عَلَى الْخُفَّيْنِ لِلْمُسَافِرِ ثلَاثَةٌ وَلِلْمُقِيمِ يَوْمٌ وَلَيْلَةٌرَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Махсига масҳ тортиш мусофир учун уч кун, муқим учун бир куну бир кеча», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

(Давоми бор)

 

«Кифоя» китобининг биринчи жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола . ,. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Зинҳор аёл эркакка, аъробий муҳожирга ва фожир давоми...

4816 19:00 / 04.08.2022
Иймон заволи бўлмиш ичимлик Аллоҳ таолонинг каломида .Моида, сурасининг 9091 оятларида қатъиян ҳаром қилинган . . .Эй мўъминлар гуруҳи, дарҳақиқат давоми...

20323 05:00 / 19.01.2017
Инсоннинг аврат жойлари яъни, ёпилиши лозим бўлган уят жойлари ва уни қаерда очиш мумкину қаерда очиш мумкин эмаслигини билиб олсак. Зеро, жумла уламолар давоми...

28033 05:00 / 18.01.2017
.Эътикоф, луғатда .ушлаб қолиш,, .туриб қолиш, ва .лозим тутиш, деган маъноларни ифода этади. Шариатда эса .Рўзадорнинг эътикоф нияти ила жамоат масжидида давоми...

1265 19:00 / 25.09.2025