Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (132-дарс). Исломда шахсий озодалик (иккинчи мақола)

14:30 / 15.04.2021 5246 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ سَلْمَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قِيلَ لَهُ: قَدْ عَلَّمَكُمْ نَبِيُّكُمْ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كُلَّ شَيْءٍ حَتَّى الْخِرَاءَةَ فَقَالَ: أَجَلْ، لَقَدْ نَهَانَا أَنْ نَسْتَقْبِلَ الْقِبْلَةَ لِغَائِطٍ أَوْ بَوْلٍ أَوْ أَنْ نَسْتَنْجِيَ بِالْيَمِينِ أَوْ أَنْ نَسْتَنْجِيَ بِأَقَلَّ مِنْ ثَلَاثَةِ أَحْجَارٍ أَوْ أَنْ نَسْتَنْجِيَ بِرَجِيعٍ أَوْ بِعَظْمٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У кишига: «Набийингиз сизларга ҳамма нарсани, ҳатто қандай қазои ҳожат қилишни ҳам ўргатди», дейилди.

У киши:

«Тўғри. Батаҳқиқ, у зот бизни қазои ҳожат қилганимизда ёки бавл қилганимизда қиблага қарашимиздан, ўнг қўл билан истинжо қилишимиздан ёки учтадан кам тош билан истинжо қилишимиздан ёки чиқинди ва суяк билан истинжо қилишимиздан наҳйи қилганлар», деди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Сўнг уни ювиш одобдир.

رَوَى ابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَنَّ هَذِهِ الْآيَةَ نَزَلَتْ ﮋ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁﮂ ﮃ ﮄ ﮅﮊ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «يَا مَعْشَرَ الْأَنْصَارِ، إِنَّ اللهَ قَدْ أَثْنَى عَلَيْكُمْ فِي الطُّهُورِ، فَمَا طُهُورُكُمْ؟» قَالُوا: نَتَوَضَّأُ لِلصَّلَاةِ، وَنَغْتَسِلُ مِنْ الْجَنَابَةِ، وَنَسْتَنْجِي بِالْمَاءِ. قَالَ: «فَهُوَ ذَاكَ، فَعَلَيْكُمُوهُ».

Ибн Можа, Ҳоким ва Байҳақий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир», ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Ансорийлар жамоаси! Аллоҳ сизларни покликда мақтади. Сизнинг поклигингиз нимадир?» дедилар.

«Намозга таҳорат қиламиз. Жанобатдан ғусл қиламиз. Сув ила истинжо қиламиз», дейишди.

«Мана шу экан-да! Уни маҳкам тутингиз!» дедилар».

Агар у махраждан бир дирҳамдан кўпроқ тар­қалган бўлса, ундан истинжо қилиш вожибдир.

Чунки бир дирҳам афв қилинган миқдордир. Ундан зиёдидан покланиш, албатта, вожиб бўлади.

Қўлини ювгандан кейин махражини муболаға ила бўшаштирган ҳолда, бармоқларининг ич тарафи ила уни ювади.

Махраждаги нажасни ювишдан олдин қўлни ювиш у тозаланиш асбоби бўлганидандир. Махражни бўшаштириш ила унинг ҳамма жойларидаги нажосатни ювиш осонлаштирилади.

Кейин қўлни ювади.

Шунда қўлга теккан нажосат ва ноқулай ҳидлар кетади.

Халода қиблага қараш ёки унга ортини қилиш макруҳдир.

Охирги жумладаги ҳукмни фуқаҳоларимиз қуйидаги ва шунга ўхшаш бошқа далиллардан олганлар:

عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا أَتَى أَحَدُكُمُ الْغَائِطَ فَلَا يَسْتَقْبِلِ الْقِبْلَةَ وَلَا يُوَلِّهَا ظَهْرَهُ، شَرِّقُوا أَوْ غَرِّبُوا». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва унга орқасини ҳам қилмасин. Шарққа ёки ғарбга қаранглар», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّمَا أَنَا لَكُمْ بِمَنْزِلَةِ الْوَالِدِ أُعَلِّمُكُمْ، فَإِذَا أَتَى أَحَدُكُمْ الْغَائِطَ فَلَا يَسْتَقْبِلِ الْقِبْلَةَ وَلَا يَسْتَدْبِرْهَا وَلَا يَسْتَطِبْ بِيَمِينِهِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен сизларга худди отанинг ўрнидаман, сизларга таълим бераман. Бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин, унга орқасини ҳам қилмасин, ўнг қўли билан покланмасин», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Демак, қиблага қараб ҳам, қиблага орқасини қилиб ҳам қазои ҳожат қилмаслик керак экан.

Ҳадисдаги «шарққа ёки ғарбга қаранглар», деган гап Мадинаи Мунаввара аҳлига айтилган. Улар шарққа ёки ғарбга қарасалар, қибла ён томонларида қолади. Лекин бошқа жойларда қибла шарқ ёки ғарб томонда бўлиши мумкин. Бу гап уларга тегишли бўлмайди. Улар қиблага қараб ёки ортларини қилиб қазои ҳожат қилмасликлари зарурлигидан, шарқ ёки ғарбга қарамасликлари керак бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гаплари Ислом дини хало одоби масалаларига жиддий эътибор берганидан далолат беради. Аввал айтганимиздек, инсоният тарихида биринчи бўлиб Ислом бу ишларни тартибга солишни бошлаган.

Масала жиддийлигидан Ислом шариатининг иккинчи масдари бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бу ишга алоҳида эътибор берилган. Энг мўътабар ҳадис, фиқҳ ва одоб китобларида албатта «Хало одоблари» номли боб бўлади.

(Тамом)

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Барча мавжудотларни йўқдан бор қилган, ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ таолога беадад ҳамсанолар бўлсин.Умматларига ҳар бир ишнинг энг нозик нукталаригача билдириб, давоми...

6013 05:00 / 18.01.2017
1. Маййитнинг онаси ҳар қандай ҳолатда унинг ота ёки она томонидан бўлган момосини ҳажб қилади.2. Маййитнинг ўғли маййитнинг бир ёки бир нечта қиз набираларини ҳажб давоми...

2485 09:20 / 14.10.2019
Қуръоннинг мутавотир суннат билан насх бўлиши мумкин эмаслигига ҳамма уламолар иттифоқ қилганлар.Имом Шофеъий, у кишининг асҳоблари, имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва давоми...

4691 17:23 / 22.12.2017
. Намознинг вожиблари Фотиҳанинг қироати, бир сура ёки уч оятни зам қилиш, тартибга риоя этиш, қаъдаи аввал, ташаҳҳуд, салом лафзи, витрнинг қунути, давоми...

5832 19:00 / 16.12.2021