Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Намозни жам қилиб ўқиш | Фиқҳ дарслари (250-дарс)

18:39 / 06.10.2023 4203 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бунда пешин ва аср ҳамда шом ва хуфтон намозларини қўшиб, бирин-кетин, бир вақтда ўқиш кўзда тутилгандир. Бошқа мазҳабларда сафардаги одамга пешин билан асрни ва шом билан хуфтонни жамлаб ўқишига рухсат берилади. Уларнинг айтишларича, пешиннинг вақтида асрни қўшиб ўқиб олса ёки шомнинг вақтида хуфтонни ўқиб олса бўлади. Буни «жамъи тақдим» дейилади. 

Шунингдек, аср ва хуфтоннинг вақтида уларга пешин ва шомни қўшиб ўқиса ҳам бўлади. Буни «жамъи таъхир» дейдилар.

Аммо ҳанафий мазҳабида бунга рухсат йўқ. Уларда қуйидаги далилга биноан бошқача иш тутилади:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ رَسُولُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَجْمَعُ بَيْنَ صَلَاةِ الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ إِذَا كَانَ عَلَى ظَهْرِ سَيْرٍ، وَيَجْمَعُ بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَلَفْظُهُ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا عَجِلَ عَلَيْهِ السَّفَرُ يُؤَخِّرُ الظُّهْرَ إِلَى أَوَّلِ وَقْتِ الْعَصْرِ فَيَجْمَعُ بَيْنَهُمَا، وَيُؤَخِّرُ الْمَغْرِبَ حَتَّى يَجْمَعَ بَيْنَهَا وَبَيْنَ الْعِشَاءِ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар устида бўлсалар, пешин ва аср ҳамда шом ва хуфтон намозларини жам қилар эдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Муслимнинг лафзида: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафарда шошилиб турсалар, пешинни аср вақтигача кечиктириб, сўнгра иккисини жам қилиб ўқир эдилар. Шунингдек, шомни кечиктириб, у билан хуфтонни жам қилиб ўқир эдилар», дейилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, намозни жам қилиш сафарда шошилиб тургандагина бўлган. 

Шунингдек, пешинни охирги вақтида ўқиб, уни ўқиб бўлиши билан вақти кирган асрни ҳам ўқиб олинган. 

Шунингдек, шом ҳам охирги вақтига бориб ўқилиб, ундан кейин хуфтонни энг аввалги вақтида ўқилган. 

Намозларни бундай қилиб ўқишни ҳанафий мазҳаби уламолари «жамъи суврий», яъни «суратдаги жам» дейдилар. 

Бунга биноан, пешин ва шом намозлари охирги, аср ва хуфтон намозлари олдинги вақтда ўқилган бўлади. Чунки пешиннинг вақти чиқиши билан асрнинг, шомнинг вақти чиқиши билан хуфтоннинг вақти киради.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сўкиш ва ачитиб гапиришни жамлаб олингани арабчада .Базоъа, дейилади. У луғатда тилдаги рост бўлса ҳам аччиқ ва бешарм гапдир.Уламолар уни қуйидагича давоми...

3823 05:00 / 17.02.2017
Тўрт фиқҳий мазҳабнинг истинбот қилган ҳукмларини далилсиз келтирган китобга Абдурраҳмон Жазирийнинг .Китобул фиқҳи алал мазаҳибил арбаъа, асари мисол бўла давоми...

8079 12:30 / 10.04.2019
Тадқиқот маркази милодий 1961 санадаги Азҳари Шариф дорилфунунини ривожлантириш хусусидаги 103рақамли қонунда баён қилинган, катта уламолар ўрнини босиш мақсадида давоми...

5199 13:30 / 05.12.2019
Йилнинг ўртасида кўрилган фойда ўз жинсидан бўлган нисобга қўшилади. Бир кишининг икки юз динор пули бор эди. Нисобга етганидан кейин бир йил ўтгунча унга яна юз давоми...

2248 19:00 / 31.10.2024