Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Каъбанинг ичида намоз ўқиш | Фиқҳ дарслари (283-дарс)

19:00 / 23.05.2024 4582 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

صَحَّ فِي الْكَعْبَةِ الْفَرْضُ وَالنَّفْلُ، وَلَوْ كَانَ ظَهْرُهُ إِلَى ظَهْرِ إِمَامِهِ لَا لِمَنْ ظَهْرُهُ إِلَى وَجْهِهِ. وَكُرِهَ فَوْقَهَا. وَإِنِ اقْتَدَوا حَوْلَهَا وَبَعْضُهُمْ أَقْرَبُ إِلَيْهَا مِنْ إِمَامِهِ، صَحَّ إِنْ لَمْ يَكُنْ فِي جَانِبِهِ.

Каъбанинг ичида фарз ва нафл ўқиш дурустдир. Агар у орқасини имомнинг орқасига қилиб ўқиса ҳам. Орқаси имомнинг юзига бўлиб қолса, бўлмайди. Каъбанинг устида намоз ўқиш макруҳдир. Агар имомга Каъбанинг атрофида иқтидо қилсалар ва баъзилари унга имомидан яқин бўлса, имомнинг ёнида бўлмаслик шарти ила намоз тўғри бўлади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ

«Байтимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун покланглар», деган (125-оят).

Байтни рукуъ ва сужуд қилиш учун поклашга амр қилиниши унда намоз ўқиш жоизлигига далолатдир.

كَانَ ابْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا إِذَا دَخَلَ الْكَعْبَةَ مَشَى قِبَلَ وَجْهِهِ، وَجَعَلَ الْبَابَ قِبَلَ ظَهْرِهِ، فَمَشَى حَتَّى يَكُونَ بَيْنَهُ وَبَيْنَ الْجِدَارِ الَّذِي قِبَلَ وَجْهِهِ قَرِيبًا مِنْ ثَلَاثَةِ أَذْرُعٍ صَلَّى، يَتَوَخَّى الْمَكَانَ الَّذِي أَخْبَرَهُ بِهِ بِلَالٌ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَّى فِيهِ، قَالَ: وَلَيْسَ عَلَى أَحَدٍ بَأْسٌ أَنْ يُصَلِّيَ فِي أَيِّ نَوَاحِي الْبَيْتِ شَاءَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَحْمَدُ.

«Ибн Умар розияллоҳу анҳумо қачон Каъбага кирса, юзланган томонига қараб юрар, эшик (унинг) ортида қоларди. Ўзи билан тўғрисидаги деворгача чамаси уч зироъ қолгунича юриб борар, Билол «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ерда намоз ўқиганлар», деган жойни танлаб, (ўша ерда) намоз ўқир ва: «Бирор кишига Байтнинг ичида (унинг) қаерига қараб намоз ўқиса ҳам, ҳечқиси йўқ», дер эди».

Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг ичида намоз ўқиганлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Каъба ичига Усома ибн Зайд, Усмон ибн Толҳа ва Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳум кирганлар. Сўнгра эшикни ёпиб қўйганлар. Улар Каъбаи Муаззаманинг ичида бир муддат қолиб кетганлар.

Каъбанинг ичидан қайтиб чиққанларида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳазрати Билол розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилдилар?» деб сўраганлар. Шунда Билол: «Бир устунни ўнг, бир устунни чап, учта устунни орт тарафларида қилиб намоз ўқидилар», деб айтган.

Ўша пайтда Байтуллоҳнинг ичида олтита устун бор экан. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кейинчалик қачон Каъбанинг ичига кирсалар, худди Билол розияллоҳу анҳу хабар берганларидек қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилганларини такрорлашга уринарди.

Ҳозир Каъбаи Муаззаманинг ичида, қоқ ўртасида учта устун ўрнатилган. Устунлар мийзоб – тарнов томон билан Ҳажарул Асвад ва Рукни Ямоний орасидаги девор тарафга қаратиб ўрнатилган. Уч устуннинг тепасида тўсин бор. Устунлардан иккитасининг орасига ёғоч сандиқ ҳам қўйилган. У сандиқда Каъбаи Муаззамани тозалайдиган, хушбўй қиладиган нарсалар қўйилар экан.

Ушбу сатрларни ёзувчи ожиз бандага ҳам Аллоҳ таоло кўплаб марта кириб, Каъбанинг ичида намоз ўқишни насиб этди.

Каъбаи Муаззаманинг остонаси ташқаридан ҳам кўриниб турганидек, одам бўйидан баланд. Ичкарига фақат эшикдан ёруғлик тушади.

Каъбаи Муаззаманинг ери мармар билан қопланган. Ён деворларининг одам бўйидан баландроқ жойигача мармар билан қопланган. Деворларнинг қолган қисми ва шифти «Лаа илааҳа иллаллоҳу» деб ёзилган яшил рангдаги қимош (мато) билан қопланган.

 Ҳажарул Асваддан тавоф қилиб юриб кетганда келадиган биринчи бурчакнинг девори ичкарига бир метрча туртиб чиққан.

Ичкарига кирган одам ўзини бошқа оламга кириб қолгандек ҳис қилади. Ҳамма кўринган томонга қараб намоз ўқийди, йиғлаб дуолар қилади. Ҳамма тарафга хушбўй атирлар суртилган бўлади.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мажлиснинг оддий ёки фавқулоддаги йиғинида, агар имкони бўлса, қатнашувчиларнинг барчаси ёки аксари тўплангандагина фатво ва қарорлар ишлаб чиқилади. Мухолиф давоми...

6205 15:05 / 31.10.2019
Агар вафот этган кишининг моли қарзидан ортиб қолса, васияти молнинг учдан бирига ўтиши ҳақида аввал гапириб ўтганмиз.Ояти кариманинг давомида яна қуйидагилар давоми...

3090 09:57 / 11.03.2019
1. .Усулул фиқҳ,.Бу китобнинг муаллифи шайх Абдулваҳҳоб Халлоф мисрлик таниқли олимлардан бўлиб, айнан усулул фиқҳ мутахассиси сифатида Олий ўқув юртларида давоми...

6570 15:25 / 01.07.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .Ким қул топмаса, қайта қўшилмасдан аввал икки ой кетмакет рўза тутсин,, деган Мужодала сураси, shy4оят. Аллоҳ таоло Қуръони давоми...

1325 19:00 / 10.07.2025